Ўзбекистон: 1 доллари 2 долларга айланадиган хайрия маблағлари қандай сарфланади?

org

Буюк Британия ва Францияда истиқомат қилувчи бир гуруҳ ўзбекистонликлар ташаббуси билан бошланган «Ўзбекистон билан бирга» акцияси 30 минг доллар йиғди. Маблағ 50 минг евро бўлса, Европа тикланиш ва тараққиёт банки унга яна беғараз 50 минг евро ёрдам беради.

Лойиҳа ташаббускорлари Zoom орқали ўтган матбуот анжуманида шу вақтгача қанча маблағ йиғилгани ва ушбу пуллар қандай сарфланиши ҳақида тўлиқ маълумот берди.

Акциянинг мақсади коронавирус пандемиясига қарши курашда Ўзбекистондаги тиббий муассасалар ва аҳолининг кам таъминланган қисмига ёрдам бериш учун хайрия маблағлари тўплашдир.

Хайрия акцияси давомида йиғилган маблағларни икки ҳисса кўпайтириш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) дастлаб 50 минг евро ажратишга тайёр.

Ушбу маблағ ЕТТБнинг «Жамият ташаббуси» дастури доирасида Банк ходимлари хайрия ишларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилади. Шундай қилиб, агар ташкилотчилар 50 минг евро хайрия пули йиғишса, ЕТТБ томонидан бу маблағ икки баравар кўпайтирилади ва жами ёрдам миқдори 100 минг еврога етади.

Лойиҳанинг Ўзбекистондаги ҳамкори «Эзгу Амал» хайрия жамғармаси ушбу акция юзасидан 19 июнь куни Zoom орқали матбуот анжумани ўтказди.

Лойиҳа ташаббускорларидан бири Шерзод Зуфаровнинг айтишича, апрель ойида Францияда бошланган хайрия акцияси доирасида ҳозирги кунгача Европа, АҚШ ва Канадада яшовчи ватандошларимиз ёрдами билан 24 минг фунт (30 минг доллардан ортиқ) хайрия маблағлари тўпланди.

«Ушбу маблағларни тўплаш мақсадида акция ташкилотчилари томонидан ўзбек рақс санъати ва миллий таомларини тайёрлаш борасида бир қанча маҳорат дарслари ташкиллаштирилди. Бу каби тадбирлар яна давом этяпти. Маблағ асосан онкологик касалликларга чалинган болалар, шифохоналар моддий-техник базасини шакллантиришга ва муҳтож оилаларга йўналтирилади. Бериладиган кўмак пул кўринишида бўлмайди. Масалан, бемор болаларга керакли дори воситаси, шифохоналарга керакли жиҳозлар харид қилинади. Аҳолига эса ёрдам озиқ-овқат маҳсулотлари кўринишида берилади», дейди у.

Зуфаровнинг таъкидлашича, йиғилган маблағларни сарфлаш шаффоф бўлади ва ҳар бир ўтказилган пул маблағи жамғарма сайтида ҳисобот тарзида бериб борилади.

«Шаффофлик бизнинг асосий шартларимиздан бири. Шундай лойиҳа қилмоқчимизки, бизга ўхшаган одамлар ишонсин. Кейинги лойиҳаларимизда ҳам одамлар иштирок этиши учун бизга ишонч бўлиши керак. Шаффофлик қандай бўлади? Масалан тиббий жиҳоз олиб шифохонага олиб бордик. Ўша куни ёки 2-3 куннинг ичида сайтимизда шу ҳақда пост бўлади. Кимдан қайси нархга олингани тўғрисида ҳисоб-фактураларнинг фото ҳисоботлари бўлади. Етказиб берувчиларга ҳамма нарса пул ўтказиш йўли билан бўлади, деб талаб қўйяпмиз. Ҳеч қандай нақд пул ишлатилмайди. Ҳар бир сўмнинг ҳисоботи шаффофлик билан сайтга қўйилади. Агар етказиб берувчиларимиз, биз сайтда кўринишга уяламиз, дейишса, улар билан ишлолмаймиз», дейди Шерзод Зуфаров.

Ташкилотчилар 2020 йил 1 декабргача 50 минг евро йиғишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган. Шундан сўнг ЕТТБ кўмаги билан бу маблағ 100 минг еврога айланади.

Лойиҳанинг Ўзбекистондаги ҳамкори «Эзгу Амал» хайрия жамғармаси акция ташаббускорлари билан келишган ҳолда кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий ва тиббий заруриятлари учун ёрдамни етказади. Бундай ёрдамнинг миқдори ва шакли мавжуд шароитга қараб белгиланади.

«Ўзбекистон учун бирга» ҳаракатини ЕТТБнинг Лондондаги бош қароргоҳида ишлаётган ўзбекистонликлар, Ўзбекистоннинг Буюк Британия ва Франциядаги элчихоналари, Лондондаги «Билим» ўзбек маданий маркази, Британия-Ўзбекистон дўстлик жамияти, «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг Париждаги ваколатхонаси, «Навбаҳор» давлат қўшиқ ва рақс ансамбли хореографлари ва мусиқачилари, «Safenetpay» ва «TezParcel» компаниялари, «OshPaz» ўзбек миллий таомлари бренди, шунингдек, ошпаз ва ресторатор Баҳриддин Чустий қўллаб-қувватлаган.

21.06.2020 МАНБА: https://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-53127204

Поделиться с друзьями: